Иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метрлик газ меъёри 15 мартгача узайтирилди

Янгиланган об-ҳаво прогнозлари ва кутилаётган совуқлар сабабли 500 куб метрлик газ меъёри барча ҳудудларда 15 мартгача сақланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Табиий газ учун иситиш мавсумида белгиланган базавий меъёр Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 мартга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Янгиланган об-ҳаво прогнозларига кўра, совуқ ҳаво массасининг мамлакатнинг бошқа ҳудудларига кириб келиши эҳтимоли туфайли иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метрлик базавий меъёр 2026 йил 15 мартга қадар амал қилади.
15 мартдан кейин эса об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, зарур ҳолларда қўшимча қарорлар қабул қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда аҳоли учун табиий газ истеъмоли босқичма-босқич тариф асосида ҳисобланади. Иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача газ 1 куб метр учун 1000 сўмдан базавий нархда ҳисобланади.
Белгиланган меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган газ эса 1 куб метр учун 1800 сўм ва ундан юқори тарифларда ҳисобланади.
15 мартдан бошлаб, агар қўшимча қарор қабул қилинмаса, базавий меъёр ойига 100 куб метрни ташкил этади.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда газ истеъмолининг базавий меъёри 15 мартгача узайтирилди