ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Термиз давлат педагогика институти Биология факультети 1-босқич талабаси Феруза Тўхтамуродова чаён заҳарини уни нобуд қилмасдан олиш имконини берадиган инновацион қурилма ишлаб чиқди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қурилма электростимуляция усули асосида ишлайди ва бир чаёндан бир неча марта заҳар олиш имконини яратади. Илгари эса заҳар олингач, чаёнлар нобуд бўлар эди.
Манбаларга кўра, чаён заҳри таркибидаги хлоротоксин моддаси рак ҳужайралари ўсишини секинлаштиришда, нейротоксинлар эса асаб касалликларини даволашда илмий тадқиқотларда қўлланилмоқда. Шу боис ушбу биомодда фармацевтика соҳасида юқори талабга эга.
Маълумотларга кўра, чаён заҳрининг нархи халқаро бозорда 12 минг долларгача, Ўзбекистонда эса ўртача 5 минг доллар атрофида баҳоланади.
Янги қурилма чаёнларни сақлаб қолган ҳолда заҳар олиш имконини беради. Бу эса:
биомодда танқислигини камайтириш,
экологик мувозанатни сақлаш,
фармацевтика соҳасида янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши мумкин.