ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. 1 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Яқин Шарқдаги вазият юзасидан қатор давлатлар ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатлар Қатар, Кувайт, Ўмон, Иордания, Баҳрайн, Озарбайжон ва БАА раҳбарияти ва ташқи сиёсат идоралари вакиллари билан ўтказилди.
Мулоқотларда суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, куч ишлатмаслик тамойилларига қатъий риоя этиш ҳамда барча масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ фақат тинч, сиёсий ва дипломатик воситалар орқали ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон президентининг мазкур давлатлар раҳбарияти ва халқларига йўлланган қўллаб-қувватлов ва бирдамлик сўзлари етказилди.