ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида табиий газ учун иситиш мавсумида белгиланган базавий меъёр 2026 йил 15 мартга қадар амал қилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзгидромет” маълумотига кўра, март ойининг дастлабки 15 кунида ҳаво ҳарорати паст бўлиши кутилмоқда. Шу муносабат билан аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида президент топшириғи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 500 куб метрлик базавий меъёр ушбу икки ҳудуд учун узайтирилди.
500 куб метр лимит нима дегани?
Ўзбекистонда аҳоли учун табиий газ истеъмоли босқичма-босқич тариф бўйича ҳисобланади.
Иситиш мавсумида аҳолига ҳар ой 500 куб метргача газ базавий нархда — 1 куб метр учун 1000 сўмдан ҳисобланади.
Белгиланган меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган газ эса 1 куб метр учун 1800 сўм ва ундан юқори тарифларда ҳисобланади.
1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда ойига 100 куб метрдан ортиқ истеъмол қилинган газ 1800 сўм ва ундан юқори тарифларда ҳисобланади. Қорақалпоғистон ва Хоразмда эса мазкур тартиб 15 мартдан кучга киради.