Тоза ҳаво: экологик ускуналар ўрнатган корхоналарга имтиёзлар берилади

I ва II тоифадаги корхоналар экологик ускуналар ўрнатса, бюджетга тўланган компенсация тўловларининг бир қисми қайтарилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган (I ва II тоифа) саноат корхоналарига экологик ҳолатни яхшилаш бўйича амалга оширган чоралари учун бюджетга тўланган компенсация тўловларининг бир қисми қайтарилади. Бу тартиб Ҳукумат қарори билан тасдиқланди.
Қарорга кўра, корхоналар икки босқичда рағбатлантирилади:
1-босқичда - атмосфера ҳавоси ифлосланишини кузатувчи мониторинг станциясини ўрнатган корхонага:
табиатга зарар етказиш бўйича шаклланган қарздорлик бекор қилинади;
республика бюджетига тўланадиган компенсация тўловларининг 50 фоизи 2 йил давомида қайтарилади.
2-босқичда - мониторинг станциясидан ташқари, чанг-газ ва (ёки) локал оқова сув тозалаш ускуналарини ўрнатган корхонага:
компенсация тўловларининг 70 фоизи 2 йил давомида қайтарилади.
Корхона ускуналар ўрнатилгани ҳақида Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали Экология қўмитасига хабарнома юборади.
Ҳужжатлар 15 иш куни ичида кўриб чиқилади ва натижасига кўра рағбатлантириш тўғрисида расмий хулоса берилади.
Сергели ва Янгиҳаётда экологик рейдлар: "Ўзвторцветмет" бошқа ҳудудга кўчирилади