Энди фарзандимиз бешта бўлди — Хайрулло Ибадуллаевнинг турмуш ўртоғи

Хайрулло Ибадуллаевнинг оиласи ва яқин қариндошлари билан интервью.
Sputnik
Бир неча кун олдин Санкт-Петербургда 7-қаватдан тушиб кетган болани ушлаб қолган ўзбекистонлик ишчи Хайрулла Ибадуллаев Россияда ҳақиқий қаҳрамонга айланди.
Sputnik мухбири Қашқадарё вилоятида Ибадуллаевнинг қишлоғида бўлиб, унинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари билан суҳбатлашди.
Хайрулланинг уй шароитлари жуда камтарин. Оиласи, тўрт нафар қиз фарзанди ва ота-онаси уни кутишмоқда.
“Тўрт қизим бор. Шуларнинг кам-кўстини, ҳамма нарсани қилиб берувчи мана шу хўжайиним бўлади. Бошқа ёрдам келадиган жойим йўқ мени”, - деб ҳикоя қилади Хайрулло Ибадуллаевнинг турмуш ўртоғи Гулилола Сафарова.
“Ҳар телефон қилганимда, дадаси, бола яхшимикан, деб сўрайман. “Яхши дейишяпти, яхши дейишяпти”, дейди эрим. Энди нима десам бўлади, Худо хўжайинимга шу ўғилни тепадан ташлади, у ушлаб қолди. Аллоҳим балким бизларга ҳам ўғил берар. Дадаси, энди у ҳам фарзандимиз. Тўрт қизим бор эди, бешта бўлди, деб ҳазиллашиб қўяман”, - дейди Гулилола.
Ўз ҳаётини хавф остига қўйиб кўрсатган қаҳрамонлиги учун Хайрулла Ибадуллаев Россияда кўплаб мукофотларга сазовор бўлди. Унга Санкт-Петербург губернатори томонидан “Қутқаришда жасорат учун” фарқловчи нишони билан ҳамда “Чегарасиз катта юраклар” мукофотининг илк лауреати бўлди. Бир миллион пул мукофоти ҳам олди. Ўзбекистон президенти томонидан “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Хайруллонинг ўзи ушбу ишни жуда камтарин баҳолайди.

"Менимча, ҳар бир эркак ҳам шу ишни қилар эди, айниқса у ёш бола бўлса", - деди қаҳрамонимиз.

Ҳайрулло Ибадуллаевнинг оиласи ва яқин қариндошлари билан тўлиқ суҳбатни Sputnik видеолавҳасида томоша қилинг.
Санкт-Петербургда болани қутқариб қолган Ибадуллаев ҳақида унинг жияни сўзлаб берди