ТОШКЕНТ, 27 фев – Sputnik. Тошкентда транспорт тизимини модернизация қилиш ишлари бошланмоқда. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
У давлат раҳбарининг пойтахтда транспорт тизими бошқарувини такомиллаштиришга оид декабрь ойида қабул қилинган қарорини ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошланганини қайд этди.
Бунинг учун махсус тузилган Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази 26 февраль куни Тошкентдаги тирбандликлар ва экология масалаларини ҳал қилиш, шунингдек, жамоат транспорти назорати бўйича тақдимот ўтказди.
Берилган ҳисоботларга кўра, "бугун-эрта" "ақлли" светофорларни ўрнатиш, йўлларга стандартларга мос чизиқлар тортиш ҳамда автотураргоҳларни тўғри ташкил қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланади.
“Умид қиламанки, шаҳар ҳокими бошчилигидаги жамоа қарорнинг ижросини тўлақонли таъминлашга бор куч ва имкониятини қаратади. Мен бунинг бажарилишини шахсан назорат қилиб бораман. Пойтахт учун ўта муҳим, жуда зарур бўлган ушбу лойиҳани амалга оширишда жамоага муваффақият тилайман”, — деб ёзди Президент администрацияси раҳбари.
Қарор билан шаҳарда интеллектуал транспорт тизими жорий этилиб, видеокузатув ва сенсорлар орқали транспорт ҳамда пиёдалар оқими таҳлил қилиниши белгиланган. Шу асосда светофорлар автоматик бошқарилиб, жамоат ва махсус транспортга устуворлик берилади.
Шунингдек, “Қулай муҳит” ва “Ҳокимият монитори” тизимлари ишга туширилиб, видеокузатув орқали ободонлаштириш ва чиқиндилар билан боғлиқ қонунбузарликлар аниқланади.