ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. 2026 йил 31 май-6 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги энг йирик халқаро тадбирлардан бири — Global Environment Facility (GEF)нинг VIII Ассамблеяси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
GEF Ассамблеяси 180 тадан ортиқ давлат, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштиради. Муҳокамалар марказида иқлим ўзгариши, биохилма-хилликни сақлаш, ер деградациясига қарши кураш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш масалалари бўлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш ва қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Ассамблея бу саъй-ҳаракатларни халқаро майдонда тақдим этиш ва қўшимча қўллаб-қувватлашни жалб қилиш имконини беради.
GEF дунёдаги йирик экологик молия институтларидан бири ҳисобланади. Ассамблея янги грант дастурлари ва инвестиция ташаббуслари учун имконият яратиб, барқарор қишлоқ хўжалиги, сув бошқаруви ҳамда ноёб флора ва фаунани муҳофаза қилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Шунингдек, тадбир доирасида икки томонлама учрашувлар ва трансчегаравий экологик масалалар бўйича қўшма қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Бу Марказий Осиё минтақаси учун айниқса долзарб ҳисобланади.