Мишустин Россия Давлат думасига ҳисобот тақдим этди — миграция соҳасидаги маълумотлар

Ҳисоботда реестр ишга туширилиши, биометрик тизим орқали назорат ва хавфли касалликларни аниқлаш муддатлари ҳақида рақамлар келтирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Россия Давлат думасида РФ Ҳукуматининг 2025 йил учун йиллик ҳисоботи тақдим этилди. Бош вазир Михаил Мишустин йиллик ҳисоботида қатор йўналишлар қаторида миграция соҳасида амалга оширилган чора-тадбирларга ҳам тўхталди.
Унинг сўзларига кўра, миграция соҳасида тартиб ўрнатиш устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. Рус тили ва имтиҳонларга қўйиладиган талаблар кучайтирилди, мактабга қабул қилинадиган болалар учун тест жорий этилди. Шунингдек, мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича қонун лойиҳалари қўллаб-қувватланди. Хавфли касалликларни аниқлаш муддати 14 кун, кейинги чиқариб юбориш эса 5 кун этиб белгиланган.
2025 йилда ноқонуний бўлиб турган шахслар учун назорат реестри ишга туширилди. 6 февраль ҳолатига кўра, бундай шахслар сони тахминан 840 минг нафарни ташкил этган. Улар учун ҳаракатланиш, транспорт бошқариш, битимлар тузиш, никоҳ ва банк хизматларидан фойдаланиш каби чекловлар жорий этилган. Йил давомида 72 минг киши мамлакатдан чиқариб юборилган.
Ягона биометрик тизимга 9,5 миллион хорижлик маълумот топширган. 50 минг нафарга яқин мигрантнинг киришига йўл қўйилмаган. Шунингдек, мобил алоқа шартномаларини расмийлаштиришда 3,9 миллион хорижлик шахсини биометрик тизим орқали тасдиқлаган.

Ҳукумат мигрантлар ҳақидаги маълумотларни бирлаштириш учун рақамли профиль жорий этишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, хорижий ишчиларни мақсадли ва тартибли жалб қилиш механизми ривожлантирилмоқда. Унга кўра, дактилоскопия, имтиҳон ва тиббий кўрик каби мажбурий тартиблар чет элда, ходимнинг яшаш мамлакатида ўтказилиши мумкин. Бундай тартиб мигрантни аниқ иш берувчига бириктириш ва жараённи шаффофлаштиришга қаратилган.
Россия фуқароларни ишга Ўзбекистоннинг ўзида танлаб, расмий жойлаштиришни таклиф қилмоқда