Сурхондарёда 7,1 млрд долларлик 44 та лойиҳа: президент рамзий тугмани босди

Вилоятда 741 миллион долларлик 13 та лойиҳа ишга туширилди, 6,3 миллиард долларлик 31 та йирик объект қурилиши бошланди. Янги иш ўринлари ва экспорт ҳажми сезиларли ошиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ва хорижий инвесторлар иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 63,7 триллион сўмга етди. 18,8 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди, 2,1 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилди. 37 давлатга 483 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.
Тақдим этилган лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 1,6 миллиард доллар бўлиб, улар Россия, Хитой, Туркия, Покистон, Япония, Германия, Ҳиндистон ва Мўғулистон билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Шундан сўнг жамоатчилик иштирокида умумий қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган 44 та лойиҳани ишга тушириш ва бошлаш маросими ўтказилди. Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, тоғ-кон саноати, енгил саноат, мебелсозлик, озиқ-овқат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларидаги янги лойиҳаларга старт берди.
Жумладан, 741 миллион долларлик 13 та лойиҳа ишга туширилди. Шунингдек, 6,3 миллиард долларлик 31 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланди.
Ушбу лойиҳалар натижасида 18 мингта янги иш ўрни яратилиши, 82 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиши ва 1,4 миллиард долларлик экспорт ҳажмига эришилиши кутилмоқда.
Президент 42 энергетика объектни ишга туширди ва 21 лойиҳага старт берди