ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистон олимлари 2026 йилдан сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этишни бошлашни режалаштирмоқда. Оролбўйи минтақасида пилот лойиҳани жорий йил баҳорида ишга тушириш кўзда тутилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси РИА Новостига маълум қилди.
"Ўзбекистонда жорий йилнинг баҳорида сунъий ёмғир чақириш бўйича пилот лойиҳани ишга тушириш режалаштирилмоқда", — деди академия вакили.
Унинг таъкидлашича, лойиҳани амалга оширишда ёғингарчиликни сунъий кўпайтириш бўйича халқаро тажриба ўрганилган. Бундай технологиялар Хитой, БАА ва Саудия Арабистонида қўлланиб келинмоқда.
Пилот доирасида бешта синов учиришини ўтказиш режалаштирилган. Гап булутларни экиш усули ҳақида кетмоқда — бу об-ҳавони сунъий ўзгартириш усули бўлиб, ёмғир ёғишини рағбатлантириш мақсадида булутларга махсус реагентлар пуркалади. Технология, аввало, қурғоқчилик муаммоси кескин бўлган Оролбўйи минтақасида қўлланилиши режалаштирилмоқда.
"Прогнозларга кўра, бундай технология ёғингарчилик миқдорини табиий даражадан 10-20 фоизга оширишга ёрдам беради", — деди агентлик суҳбатдоши.
Агар тажриба ижобий натижа берса, лойиҳани мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этиш мумкин.
Аввалроқ "Ўзгидромет" 2025 йил Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ва жуда қуруқ йиллардан бири бўлганини маълум қилган эди.
Хусусан, Тошкентда 2025 йилда ўртача йиллик ҳарорат Цельсий бўйича 17,1 даражани ташкил этди — бу кузатувлар давридаги меъёрдан 2 даражага юқори. Республиканинг аксарият ҳудудларида йиллик ёғингарчилик миқдори иқлимий меъёрнинг 50–80 фоизини ташкил этган. Фақат шимоли-ғарбий туманлар ва чекка жанубда ёғингарчилик ҳажми меъёрга яқин бўлган.
Синоптиклар маълумотларига кўра, мамлакатда исиш суръатлари глобал ўртача кўрсаткичлардан юқори. Музликларнинг жадал эриши, сув ресурсларининг камайиши ҳамда сел, қор кўчкилари ва қурғоқчилик каби экстремал метеорологик ҳодисалар сонининг ортиши кузатилмоқда. Иқлим моделлари прогнозларига кўра, яқин юз йилликда мамлакатда ҳарорат яна 1,5–3 даражага ошиши мумкин.