Санкт-Петербургда болани қутқариб қолган Ибадуллаев ҳақида унинг жияни сўзлаб берди

Хайрулло Ибадуллаевнинг жияни уни болажон ва ҳамиша ёрдамга тайёр инсон сифатида таърифлади. У Санкт-Петербург губернатори томонидан ҳам мукофотланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Санкт-Петербург шаҳрида 7-қаватдан тушиб кетган болани қутқариб қолган қашқадарёлик Хайрулло Ибадуллаев ҳақида унинг жияни Асилбек Турсунов сўзлаб берди. У тоғасининг инсон сифатидаги фазилатларини таърифлади.

"Тоғам 36 ёшда. Унинг оиласи Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида яшайди. Илгари маҳаллий бозорда ишлаган. Оиласи унчалик бой яшамайди, уйлари таъмирталаб", — деди у Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида.

Унинг айтишича, Хайрулло Ибадуллаевнинг турмуш ўртоғи Гулилола уй бекаси бўлиб, тўрт нафар фарзанд — Гулсевар, Гулноза, Ўғилой ва Озодани тарбиялайди. Шунингдек, у кекса ва тез-тез касал бўлиб турадиган қайнота-қайнонасига ҳам қарайди.
Жиянининг таъкидлашича, Хайрулло аканинг бу ҳаракати тасодифий эмас.
"Тоғам табиатан жуда меҳрибон, болажонли инсон. Қариндошлари билан муносабати яхши, ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қилади. У учун қайси миллат вакили экани муҳим эмас — ўзбекми ёки русми. Чин дилдан ёрдам беришга тайёр. Шунинг учун 7-қаватдан тушиб кетган бола билан боғлиқ ҳолатда ҳам у бир зум ҳам иккиланмади", — деди Турсунов.
🟠Губернатор Петербурга наградил Хайрулло Ибадуллаева знаком отличия "За доблесть в спасении"
Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов Ибадуллаев билан учрашиб, унга бефарқ эмаслиги, ёрдамга тайёрлиги ва инсоний фазилатлари учун "Қутқаришдаги жасорати учун" мукофот белгисини топширди.
“Жасорат” медали ва 1 млн рубль: Хайрулло Ибадуллаев пулни касал отасига юборди