ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо давлатларда интеллектуал транспорт тизимлари ҳамкорлигини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат ЕОИИ мамлакатлари ўртасида интеллектуал транспорт тизимларини интеграция қилиш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйишни назарда тутади.
Амалий чора-тадбирлар қаторида асосий хизматлар рўйхатини шакллантириш, маълумот алмашинуви форматларини ишлаб чиқиш ва тегишли меъёрий базани такомиллаштириш белгиланган.
Интеллектуал транспорт тизимларининг ўзаро интеграцияси ягона ахборот маконини яратишга хизмат қилади. Бу орқали ташувчилар об-ҳаво шароити, тирбандликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида стандартлаштирилган маълумот олиш имконига эга бўлади.