ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Ўзбекистон уламолари Рамазон ойи арафасида ушбу муборак ойни муносиб ўтказиш, аҳолига ижтимоий ва маънавий кўмакни кучайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар учун президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Рамазон ойида "Вақф" хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган мурувват намунаси сифатида баҳоланган.
Мазкур қарор Рамазон ойини саховат ва меҳр-мурувват айёми сифатида муносиб ўтказиш, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Уламолар бундай эътиборни “Инсон қадри учун!” тамойилининг амалий ифодаси сифатида баҳолаган.
Шунингдек, мамлакатда Рамазон ойида ижтимоий ҳимояни кучайтириш бўйича давлат даражасида қарор қабул қилиниши дунё тажрибасида кам учрайдиган ҳолат экани таъкидланган.
Баёнотда қайд этилишича, ажратилган маблағлар минглаб оилаларни қўллаб-қувватлаш, даволаниш ва ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларга кўмак бериш имконини яратади.
2000 тадан ортиқ масжидларда хатми Қуръонлар ўтказилиши ҳамда йирик маърифий мажмуалар барпо этилиши президентнинг ислом маърифатига қўшаётган ҳиссаси сифатида баҳоланди.
Уламолар президентни муборак Рамазон ойи билан қутлаб, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлидаги ишларига муваффақият тилаган.