Янги газ қудуқлари ва қидирувни кучайтириш: “Ўзбекнефтгаз”даги ўзгаришлар кўриб чиқилди

Компания тузилмаси қайта кўриб чиқилиб, молиявий интизом кучайтирилмоқда. Янги газ конлари очилди, халқаро стандартларга ўтиш тезлаштирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича берилган топшириқлар ижроси билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, марказий аппарат тузилмаси оптималлаштирилмоқда, ишлаб чиқариш хизматлари ва пудрат ишлари бўйича нархлар қайта кўриб чиқилмоқда, кредит портфели тартибга солинмоқда. Соҳага оид бўлмаган активлар чиқарилмоқда ҳамда дебитор қарздорликни қисқартириш чоралари кўрилмоқда.
2026–2027 йилларда янги майдонларда геология-қидирув ишларини кучайтириш, 3D сейсмик тадқиқотлар ҳажмини ошириш ва қудуқларни қурилиш билан якунлаш режалаштирилган. Жорий йил январь–февраль ойларида иккита янги газ конденсат кони очилгани маълум қилинди.
Стратегик ривожланиш доирасида форензик аудит ўтказиш, харид жараёнларини такомиллаштириш, ESG тамойилларини жорий этиш ва ҳисоботларни халқаро стандартларга мос тайёрлаш ишлари тезлаштирилади.
Давлат раҳбари мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Маълумот учун: Форензик аудит — молиявий фаолиятни чуқур таҳлил қилиб, эҳтимолий қонунбузилиш ёки коррупция ҳолатларини аниқлашга қаратилган махсус текширув.
ESG (Environmental, Social, Governance) — компания фаолиятида экологик масъулият, ижтимоий барқарорлик ва корпоратив бошқарув стандартларига риоя қилиш тамойиллари.
Газ, самарадорлик: Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз”нинг устувор вазифаларини белгилаб берди