Юнусободда 2 гектар ерни 9 млн долларга сотишга уринганлар ушланди

Тошкент шаҳрида 2 гектар тақиқдаги ер майдонини 9 миллион долларига сотишга уриниш ҳолати аниқланди. Гумонланувчилар олдиндан 200 минг доллар олган вақтда ушланган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Тошкент шаҳрида 9 миллион долларлик ер майдонини ноқонуний сотишга уриниш ҳолати фош этилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1953 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган аёл 1982 йилда туғилган таниши билан тил бириктирган. Улар Юнусобод туманида тадбиркорлик субъектига тегишли, аммо ҳозирда тақиқда турган 2 гектар нотурар ер майдонини 9 ммиллион АҚШ долларига сотишга келишган.
Шунингдек, улар мансабдор танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб, ерни турар жой тоифасига ўтказиб беришни ваъда қилган.
Бу хизмат эвазига харидордан олдиндан 200 минг АҚШ доллари олган вақтларида ДХҲнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора беришда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилоятида 300 минг доллар эвазига ер ажратишни ваъда қилган фермер ушланди