Фарғонадаги боғчаларда “оммавий заҳарланиш” ҳақидаги видеога расмий муносабат

21 февраль куни кечқурун Фарғона шаҳридаги учта боғча тарбияланувчилари ич кетиши ва юқори ҳарорат белгилари билан шифохонага ётқизилди. Айни пайтда 62 нафар бола стационар даволанмоқда
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида оммавий заҳарланиш ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирилди.
Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, 21 февраль куни соат 19:00 дан бошлаб Фарғона шаҳрида жойлашган 2-, 58- ва 61-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
Болаларда тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби белгилари кузатилган. Тиббий кўрикдан сўнг уларга “ўткир диарея, алиментар этиологияли” ташхиси қўйилиб, диарея бўлимига ётқизилган.
Ҳозирда бўлимда 62 нафар бемор стационар даволанмоқда, уларнинг ҳолати қониқарли деб баҳоланган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари боғчалар ошхоналари ҳамда овқат етказиб берувчи корхонада текширув ўтказмоқда. Болалар истеъмол қилган таомлардан лаборатория таҳлиллари учун намуналар олинган.
Жиззах вилоятидаги боғчаларда болалар овқатдан оммавий заҳарланди