Агротехника ишлаб чиқариш 3 йилда 5 баравар оширилади — Президент таклифларни тасдиқлади

Тақдимотда техника хариди, лизинг шартлари, маҳаллийлаштириш даражаси ва соҳада сунъий интеллектни жорий этиш бўйича режалар муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини махсус техника билан таъминлаш ва соҳага рақамли технологияларни жорий этиш бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ҳозирги кунда соҳада механизация даражаси 81 фоизни ташкил этмоқда. Сўнгги йилларда 1 756 та пахта териш машинаси харид қилинган, ўтган мавсумда 2,1 млн тонна пахта техника ёрдамида йиғиб олинган. Натижада беш йилда қўл меҳнати 1,8 баробар қисқарган.
2026 йилда 800 та пахта териш машинаси, 6 мингта сеялка, трактор ва комбайн харид қилиниши режалаштирилган. Жами 10 мингта янги техника олиниб, парк 292 мингтага етказилади.
Фермерларга қулай лизинг шартларини яратиш учун 400 миллион доллар халқаро молия маблағлари жалб этилади. Техникалар миллий валютада 10 йилга, 2 йиллик имтиёзли давр билан 18 фоиз ставкада берилади, унинг 8 фоизи бюджет ҳисобидан қопланади.
2026–2028 йилларда маҳаллий техника ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини 10 фоизга ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. 2028 йилга қадар ўзиюрар техникада маҳаллийлаштириш 30–35 фоизга, осма ва тиркамали техникаларда 60–65 фоизга етказилади.
Жорий йилда техника қийматининг 15 фоизини қоплаш учун 660 миллиард сўм субсидия ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, Тошкент трактор заводини соғломлаштириш чоралари муҳокама қилинди.
2025 йилда “Агробанк” томонидан 1,6 триллион сўм кредит ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 3,9 триллион сўмга етказилади. Автоматлаштириш орқали кредит ажратиш муддати 3 кундан 3 соатгача қисқаради.
Ҳар бир ҳудудда агрохизмат зоналари ташкил этилиб, фермерлар банк, консалтинг, тупроқ таҳлили ва агроном маслаҳатларини бир жойнинг ўзида олиш имконига эга бўлади. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида сунъий интеллектдан фойдаланиш ва 100 миллиард сўмлик венчур компания ташкил этиш режалари ҳам кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга бир қатор кўрсатмалар берди.
Қишлоқ хўжалик илмий марказлари академияга бирлаштирилади