ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. 14 та араб ва ислом давлати, жумладан, БАА, Миср, Иордания, Туркия, Саудия Арабистони ва бошқалар АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳақабийнинг баёнотини кескин қоралади. Бу ҳақда РИА Новости БАА Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига таяниб хабар қилди.
Қўшма баёнот Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши иштирокида эълон қилинди.
Аввалроқ Ҳақабий интервьюда Исроил Яқин Шарқнинг деярли бутун ҳудудига “Библия ҳуқуқи”га эга эканини айтган. Суҳбатда Исроил гўёки ҳозирги Иордания, Сурия, Ливан ҳамда бошқа араб ерлари устидан даъво қилиш ҳуқуқига эга экани ҳақида саволлар муҳокама қилинган.
Қўшма баёнотда бундай фикрлар халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва БМТ Низомига зид экани, минтақада кескинликни кучайтириши таъкидланди. Шунингдек, элчининг баёнотлари АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан илгари сурилган Ғазодаги можарони тўхтатишга қаратилган режага ҳам зид экани қайд этилди.
Араб ва ислом мамлакатлари Исроил босиб олинган Фаластин ҳудуди ва бошқа араб ерлари устидан ҳеч қандай суверенитетга эга эмаслигини таъкидлаб, Ғарбий соҳилни аннексия қилиш, Ғазони ажратиш ёки кўчириш фаолиятини кенгайтиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни рад этишини билдирди.