ТОШКЕНТ, 20 фев – Sputnik. Ўзбекистонликлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали ўзининг номига нечта банк картаси ва нечта SIM-карта расмийлаштирилганини кўриши мумкин бўлади.
Мамлакатнинг 2026 йилга мўлжалланган давлат дастурида белгиланишича, бу хизмат 2026 йил декабрдан йўлга қўйилади. Фуқаро ўзи номига нечта банк картаси ва нечта мобил алоқа рақами расмийлаштирилганини фақат ўзи кўриши ҳамда зарур ҳолларда ушбу карталар ёки рақамларни бевосита Ягона портал орқали ёпиш учун ариза юбориши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, банклар ва мобил алоқа операторларининг ахборот тизимлари билан хавфсиз интеграция йўлга қўйилиб, реал вақт режимида маълумот алмашиш имконияти яратилади.