ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев Евросиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси бошқарувчи директори Андрей Широков бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашувда жамғарма фаолияти, молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари ва иштирокчи давлатларда амалга оширилаётган устувор йўналишлар муҳокама қилинди. Хусусан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфратузилма ва институционал лойиҳаларни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, давлат молиясини бошқариш самарадорлигини ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида конструктив мулоқотни давом эттиришга келишилди.
Маълумот учун: Евросиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси 2009 йилда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон томонидан ташкил этилган бўлиб, 8,5 миллиард долларлик минтақавий молиявий механизм ҳисобланади. Жамғарма инқироз оқибатларини юмшатиш, узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш ва аъзо давлатлар иқтисодиётлари интеграциясини қўллаб-қувватлашга қаратилган.