ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалий ташрифи доирасида АҚШ савдо вазири, йирик идоралар ҳамда компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф АҚШ савдо вазири Ховард Латник билан учрашувдан бошланди. Томонлар Ўзбекистон–АҚШ стратегик шериклигини мустаҳкамлаш, устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суришни муҳокама қилди.
Шунингдек, давлат раҳбари АҚШ Экспорт-импорт банки президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэк билан музокара ўтказди.
Унда Ишбилармонлик кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлаш, инвестиция платформасини ишга тушириш, йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда юқори технологияли ускуналар етказиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир билан учрашувда қўшма лойиҳалар доирасида имзоланадиган икки томонлама ҳужжатларнинг амалий натижаларини муҳокама қилди. Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (TIFA) доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш, маҳсулотлар етказиб бериш, техник тартибга солиш ва рақамли савдо масалаларига эътибор қаратилди.
Икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ва қўшма лойиҳалар тақдимотида АҚШ ҳукумати ҳамда молия институтлари вакиллари — АҚШ президентининг махсус вакили Паоло Замполли, АҚШ–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, шунингдек, “Traxys”, “Valmont Industries”, “Gulf Oil”, “Avigen Broiler Breeding Group”, “John Deere”, “BlackRock Financial Markets Advisory”, “Oppenheimer” ва бошқа етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди. Видеоалоқа орқали Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Томонлар ўта муҳим хомашё, нефть-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, паррандачилик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди.
Ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарларининг АҚШ штатларига ташрифларини ташкил этиш белгиланди.
Давлат раҳбари ҳузурида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш, ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш, муҳим минералларни қазиб олиш ва етказиб бериш, паррандачилик кластерини ташкил этиш, агросаноат, молия бозорини ривожлантириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.