Хитой кардиохирурглари Ўзбекистонда юрагида нуқсони бор 500 болани операция қилиши мумкин

Хитой элчиси билан учрашувда юрагида нуқсони бор болалар операцияси, Хитой табобати бўйича грант лойиҳалари ва тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Цзюнь билан учрашувда хитойлик кардиожарроҳлар томонидан жорий йилда юрак нуқсони бўлган 500 нафар болага операция ўтказиш таклифини муҳокама қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, амалиётлар Болалар миллий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тошкент давлат тиббиёт университети клиникасида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Учрашувда тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш, суд-тиббий экспертиза марказини техник жиҳатдан кучайтириш ва анъанавий Хитой табобати бўйича грант лойиҳалари истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар Хитой грантлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олди.
Ўзбекистон ва Хитой шифокорлари ҳамкорликда бепул кўз жарроҳлик амалиётларини ўтказишади