ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Россия Савдо-саноат палатаси президенти Александр Шохин Россия бизнеси ҳафталиги форуми доирасида ўтказилган сўров натижаларини тақдим этди.
Унга кўра, иштирокчиларнинг 70,6 фоизи Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) бизнес учун ижобий самара бераётганини билдирган. Шунингдек, респондентлар ЕОИИни энг истиқболли интеграция форматларидан бири сифатида баҳолаган.
Шохиннинг таъкидлашича, Евроосиё маконида бизнес ва давлат ўртасидаги мулоқот ҳам самарали деб баҳоланмоқда.
Сўров иштирокчилари интеграция доирасида тўғридан-тўғри маслаҳатлашувлар, тармоқ кенгашлари ва форумларда иштирокни энг талаб юқори бўлган ҳамкорлик шакллари сифатида кўрсатган.
Унинг фикрича, бизнес интеграциядан энди фақат савдо эмас, балки қўшма ишлаб чиқариш ва технологик ҳамкорликни ҳам кутаётгани Евроосиё маконида янги босқич шаклланаётганини кўрсатади.
Россия бизнеси ҳафталиги - бу давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари бўйича таклифлар шакллантириладиган ва муҳокама қилинадиган Россия Савдо-саноат палатасининг асосий тадбири.