ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. “Ўзатом” агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар тинч атом соҳасидаги ҳамкорлик, Жиззах вилоятида режалаштирилаётган АЭС лойиҳаси, шунингдек, ядровий ва экологик хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.
Қозоғистон томони Ўзбекистоннинг Вена конвенциясига қўшилишини юқори баҳолаб, бу қўшни давлатлар учун ядровий хавфсизлик бўйича муҳим ҳуқуқий кафолат эканини таъкидлади.
Учрашувда кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар, радиоэкологик мониторинг ва фавқулодда вазиятларда тезкор ахборот алмашиш механизмларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, тегишли идоралар ўртасида доимий ишчи алоқа каналини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар атом энергетикаси бўйича минтақавий компетенциялар маркази доирасида қўшма таълим дастурлари ва эксперт ҳамкорлигини кенгайтиришга қизиқиш билдирдилар.
Шунингдек, мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди. Бу, хусусан, 2026 йилда Қозоғистон Атом энергияси агентлиги вакилларининг “Ўзатом”га режалаштирилган ишчи ташрифи доирасида амалга оширилади.