Суғурта компанияларидан 2,8 млрд сўм ундирилди — қандай қоидабузарликлар аниқланди

Мурожаатларнинг ярмидан кўпи автотранспорт воситалари эгаларининг мажбурий суғуртаси билан боғлиқ бўлиб, кўп ҳолатларда тўловлар рад этилган ёки кечиктирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Рақобат қўмитаси томонидан суғурта хизматлари йўналишида 1 000 тага яқин мурожаат кўриб чиқилиб, истеъмолчилар фойдасига 2,8 миллиард сўм тўлаб берилиши таъминланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг 50 фоиздан ортиғи автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномалари билан боғлиқ.
Жумладан, жабрланувчиларга етказилган зарар турли сабаблар билан рад этилган, қоплаб берилмаган ёки кечиктирилган.
Қайд этилишича, суғурта ташкилотлари қонунчиликдаги ўзгаришлар асосида янги шартномаларда иш олиб бормоқдалар. Бироқ электрон суғурта хизматлари таҳлили қатор камчиликларни аниқлади:
электрон полис бўйича оммавий шартномалар янги қоидаларга мослаштирилмаган;
айрим шартномалар давлат тилида тақдим этилмаган;
тўлов муддатлари, истиснолар ва пеня тўлаш тартиби тўлиқ ёзилмаган;
веб-сайтларда маълумотлар янгиланмаган ёки мавжуд эмас;
янгиланган қонунчиликка расмий ҳаволалар жойлаштирилмаган;
онлайн полис расмийлаштиришдан олдин шартлар билан танишиш имконияти яратилмаган.
Қўмитанинг таъкидлашича, истеъмолчиларга тўлиқ ва тушунарли маълумот берилмаслиги турли келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, ваколатли орган барча суғурта компанияларига аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берган.
Алимент тўловчилар суғурта билан вақтинчалик чет элга чиқиши мумкин бўлади