ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Қозоғистонда энди маҳсулотларнинг қалбаки ёки ҳақиқийлигини мобил илова орқали мустақил текшириш имконияти пайдо бўлди. Бу ҳақда eGOV.kz портали матбуот хизмати хабар берди.
eGov Mobile мобил иловасида товарларни рақамли код орқали текшириш функцияси ишга туширилди. Янги имконият Naqty Onim хизмати асосида амалга оширилган бўлиб, фойдаланувчиларга рақамли маркировкалаш тизимидаги маълумотларга бепул ва тезкор кириш имконини беради.
Айни пайтда қалбакилаштириш хавфи юқори бўлган маҳсулотлар — дори воситалари, тамаки маҳсулотлари ва пойабзалларни текшириш мумкин.
Товардаги Data Matrix кодини сканер қилганда, иловада маҳсулотнинг ҳақиқийлиги, ишлаб чиқарувчиси, чиқарилган санаси ва асосий хусусиятлари ҳақида маълумотлар пайдо бўлади.
Текширув функцияси мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган ва Data Matrix кодини ўз ичига олган товарларга нисбатан қўлланилади. Дори воситаларини текширишда эса уларнинг расман шу тоифага киритилгани муҳим аҳамиятга эга.
Аввалроқ Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларида товарларни маркировкалаш тизимларини ўзаро боғлаш масаласи муҳокама қилинаётгани маълум қилинган эди.
Қайд этилишича, бундай ёндашув ҳужжатларни сохталаштириш, ваколатсиз шахслар томонидан улардан фойдаланиш, шунингдек, бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган рухсатномалар қўлланилишининг олдини олишга хизмат қилади.