Мозори Шарифда 205 млн долларлик келишув: Ўзбекистон – Афғонистон савдоси ўсмоқда

Мозори Шариф шаҳридаги бизнес учрашуви доирасида озиқ-овқат, қурилиш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик битимлар имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон хусусий сектор вакиллари иштирокида ўтказилган бизнес учрашувида томонлар 205 миллион долларлик дастлабки келишувларга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Афғонистондан 150 нафар тадбиркор, Ўзбекистондан эса 50 тадан ортиқ компания вакиллари қатнашди. Учрашувлар озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида ўтди.

Таъкидланишича, 2025 йил давомида Кобул ва Мозори Шарифда ўтказилган тадбирларда қарийб 400 та ўзбек компанияси иштирок этган бўлиб, 250 миллион доллардан зиёд шартномалар имзоланган.

Ҳозирда Афғонистонда Ўзбекистон савдо уйлари фаолият юритмоқда. Кобул ва Мозори Шарифдаги савдо уйлари қурилиш материаллари, озиқ-овқат, фармацевтика ва электр техникаси маҳсулотларини тақдим этмоқда.
2025 йил якунига кўра икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 1,8 миллиард долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ошган.
Афғонистон ташқи савдоси салкам $14 млрдга етди — Ўзбекистон етакчи ҳамкорлар қаторида