ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ипакчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда қуйидаги асосий йўналишлар белгилаб берилди:
Фарғона ва Хоразмда элита уруғлар тайёрлашни йўлга қўйиш;
жорий йилда Бухоро ва Наманганда 2 та, 2027–2029 йилларда Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарёда яна 4 та уруғчилик корхонасини ташкил этиш;
хорижий мутахассисларни жалб қилиш, мавсумий ишчилар харажатининг ярмини қоплаш ҳамда уларнинг фаолиятини даромад ва ижтимоий солиқ объекти сифатида ҳисобламаслик;
8 минг гектарда янги тутзор барпо этиш, 41,5 минг гектарда якка қатор кўчат экиш ва 15 минг гектар тутзорни реконструкция қилиш;
2030 йилга қадар 200 миллион туп тут кўчати экиш ва озуқа базасини 30 фоизга ошириш;
пилла ҳажмини 2026 йилда 30 минг тонна, 2030 йилда 36 минг тоннага етказиш;
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, вилоят ва туман “Агропилла” тузилмалари ҳамда ипакчилик кластерлари ўзаро мувофиқлашган тарзда иш юритиб, фермерлар, касаначилар ва қурт боқувчилар фаолиятини ташкил этиши;
кам даромадли оилаларни пиллачиликка жалб этиш мақсадида пилла қийматининг 35 фоизи миқдорида субсидия ва 20 миллион сўмгача ссуда ажратиш;
саноат усулидаги қуртхоналарни кўпайтириш ва уларни 2029 йилга қадар ер ҳамда мол-мулк солиғидан озод қилиш;
2030 йилга қадар 200 млн долларлик 21 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, қайта ишлаш ҳажмини 3 минг тоннага, даражасини 75 фоизга етказиш ва натижада 18,5 млн погон метр ипак мато ишлаб чиқариш;
соҳада рақамли технологиялар ва ягона ахборот тизимини жорий этиш.
Президент таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.