Илмий тадқиқотлар учун ускуналар қандай харид қилинади: янги тартиб тасдиқланди

Янги низомга мувофиқ, лаборатория асбоб-ускуналари ва сарфлов материалларини харид қилиш учун аризалар махсус ахборот тизими орқали тақдим этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Ўзбекистонда илмий фаолият соҳасидаги ташкилотларни лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби белгиланди. Ҳукумат қарори билан тегишли низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, харид учун ариза қуйидаги шахслар томонидан тақдим этилади:
илмий лойиҳаларда — лойиҳа раҳбари;
илмий мавзулар бўйича — илмий бўлинма раҳбари ёки дастурда тегишли мавзуга раҳбарлик қилувчи шахс;
диссертация тадқиқотларида — докторантнинг илмий раҳбари ёки келишув асосида илмий даража ва унвонга эга докторантлардан бири.
Аризада илмий фаолият йўналиши кўрсатилиб, марказлашган давлат хариди ёки мустақил харид усулларидан бири танланади.
Ариза махсус ахборот тизими орқали юборилади ва у тегишли тадқиқотни амалга оширишга масъул ташкилот раҳбари томонидан келишилади.
Агентлик шакллантирилган буюртмаларни 10 иш куни ичида белгиланган талабларга мувофиқлигини кўриб чиқади. Маъқулланган аризалар махсус ахборот тизими орқали Харид комиссиясига юборилади.
Қишлоқ хўжалик илмий марказлари академияга бирлаштирилади