ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Бошқирдистон Республикасининг “Халқлар дўстлиги” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мукофот Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров имзолаган фармон асосида ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилди.
Айни пайтда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Россиянинг Бошқирдистон Республикасида бўлиб турибди. Ташрифда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ҳам иштирок этмоқда. Орден Уфа шаҳрида тантанали равишда топширилди.
Ташриф доирасида икки томон расмийлари ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида кенгайтирилган учрашув ўтказилиб, савдо-иқтисодий, саноат ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди. Жумладан, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида Ўзбекистон–Бошқирдистон технопарки ташкил этиш ва унинг қурилишини 2026 йил баҳорида бошлаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Тошкент вилоятида асалари маҳсулотлари асосида даволаш маркази (апитерапия маркази) очиш, Бошқирдистонда маиший техника ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, Игли туманида чорвачилик лойиҳаси ва Уфада меҳмонхона қуриш ташаббуслари муҳокама қилинди.
Радий Хабиров Ўзбекистонни Бошқирдистоннинг халқаро майдондаги асосий шерикларидан бири сифатида эътироф этди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.
Апрель ойида Бошқирдистон делегациясининг “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмасида иштирок этиши кутилмоқда.