ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук Москва Меркосур билан мулоқотга очиқ эканини, бироқ эҳтимолий ҳамкорликнинг ўзаро манфаатлилигини чуқур таҳлил қилиш зарурлигини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзоси сифатида Лотин Америкасидаги энг йирик иқтисодий бирлашма — Меркосур билан эркин савдо зонасини яратишга доим қизиқиш билдириб келган.
“Россия минтақадаги энг йирик иқтисодий блок — Меркосур билан музокараларнинг эҳтимолий истиқболларини баҳоламоқда”, — деди Оверчук “Известия” газетасига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, бир томондан, бундай ҳамкорликнинг ўзаро манфаатлилиги таҳлил қилиниши лозим. Иккинчи томондан эса, ҳозирги шароитда ЕОИИ иқтисодиётига йўналтирилган муайян музокаралар ресурси мавжуд.
Меркосур — Аргентина, Уругвай, Парагвай, Бразилия ва Боливияни бирлаштирган Жанубий Америка умумий бозори ҳисобланади. Бирлашма 1991 йилда Парагвай пойтахти Асунсонда божхона иттифоқи ва умумий бозорни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланиши билан тузилган. Бугунги кунда Меркосур 250 миллионга яқин аҳолини қамраб олиб, қитъа ялпи ички маҳсулотининг 75 фоиздан ортиғини бирлаштиради.