ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Буюк Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайсни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, хавфсизлик соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди.
Сўнгги беш йилда товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошди. Лондон фонд биржасида Ўзбекистоннинг 15 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги суверен ва корпоратив облигациялари жойлаштирилди. Ўтган йили Қўшма иқтисодий қўмита ишга туширилди.
Томонлар энергетика, молия, геология, транспорт, кимё, фармацевтика, фан ва таълим соҳаларида янги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини қайд этдилар. Учрашув якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишилди.