Зиёрат туризми, туячилик ва янги иш ўринлари: Навоий вилояти учун янги дастур тасдиқланди

Навоий вилоятида 2026 йил иқтисодий фаолликни ошириш, камбағалликни қисқартириш ва туризмни ривожлантиришга қаратилган йирик дастур амалга оширилади. Ўсишнинг аниқ кўрсаткичлари белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. 2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Бу бўйича тегишли президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлар қуйидагича:
ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишини ўртача 7,9 фоизга етказиш;
саноатни 7,8 фоизга;
бозор хизматларини 15,6 фоизга;
қишлоқ хўжалигини 5,7 фоизга ошириш.
Шунингдек, вилоятни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли даромадларини барқарор ошириш ҳамда 4,5 минг нафар фуқарони меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш вазифаси қўйилган.
Кармана туманида реновация асосида миллий услубдаги маданий ва туризм кластери шакллантирилади.
Қосим шайх хонақоҳи ҳамда Мирсаид Баҳром зиёратгоҳи реставрация қилиниб, ўзаро боғланади.
“Янги авлод” истироҳат боғи ва “Кармана деҳқон бозори” билан уйғун ҳолда “Қадимий Кармана” туристик маркази ташкил этилади.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилган 8 та қишлоқ туманидан танланган 16 та маҳаллада замонавий шаҳар муҳити яратилади.
Шу билан бирга, оғир тоифадаги Конимех ва Навбаҳор туманлари ҳамда камбағаллик даражаси юқори бўлган 12 та маҳаллада комплекс инфратузилмавий ва ижтимоий-иқтисодий дастурлар амалга оширилади.
40 та маҳаллани ихтисослаштириш доирасида 60 та тик қудуқ қазиш, трансформатор ўрнатиш, электр ва суғориш тармоқларини янгилаш ишлари режалаштирилган.
2026–2027 йилларда туячилик ва йилқичилик тармоғини ривожлантириш мақсадида хориждан сут ва гўшт йўналишидаги зотли туя ҳамда отлар олиб келинади.
Шунингдек, грант маблағлари асосида аҳоли ва чорвачилик хўжаликларидаги майда шохли моллар тўлиқ идентификация қилиниши режалаштирилган.
Навоийда Хитой усулида чўлланишга қарши кураш ва арабча чўл туризми жорий этилади