Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИда божхона қоидалари янгиланди: импорт учун ҳужжатлар сони қисқаради

ЕОИИга олиб кириладиган товарлар бўйича божхона расмийлаштируви янада енгиллашади. Янги қарор сертификатлардан кенгроқ фойдаланиш ва ҳужжатлар сонини камайтиришни назарда тутади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) кенгаши Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича имтиёзсиз қоидаларга ўзгартириш киритди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
Тузатишлар ҳужжатни ташқи савдонинг замонавий шароитларига мослаштириш ва товар келиб чиқишини тасдиқлаш тартибини соддалаштиришга қаратилган. Асосий янгилик — тариф имтиёзлари учун бериладиган сертификатлар орқали товарнинг имтиёзсиз келиб чиқишини ҳам тасдиқлаш имконияти жорий этилди.
Агар “имтиёзли” сертификат маҳсулотни қайта ишлаш чуқурлигини тасдиқловчи мезонлар асосида расмийлаштирилган бўлса, у ҳолда ундан имтиёзсиз қоидалар доирасида ҳам фойдаланиш мумкин бўлади. Бу эса ЕОИИга импорт қилинадиган айрим товарлар бўйича божхона расмийлаштируви учун талаб этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартиради.

ЕИК савдо вазири Андрей Слепнёвнинг таъкидлашича, янгиланган қоидалар, айниқса, Иттифоқ билан эркин савдо тўғрисида келишувларга эга давлатлардан импорт операцияларини амалга оширишда ҳужжат айланмасини қисқартириш имконини беради.

Шу билан бирга, божхона органлари томонидан ташқи савдони тартибга солиш сифати сақлаб қолинади.
Янги таҳрирга мувофиқ, товарнинг охирги олувчиси Иттифоққа аъзо беш давлатдан қайси бирида жойлашганидан қатъи назар, келиб чиқиш сертификатида ЕОИИ ёки унинг исталган давлати белгиланган мамлакат сифатида кўрсатилиши мумкин. Бу норма, айниқса, учинчи мамлакатдан юборилган партиянинг манзили етказиб бериш жараёнида ўзгарган ҳолларда божхона тартиб-таомилларини енгиллаштиради.
Маълумот учун, товарларнинг келиб чиқишини аниқлашнинг имтиёзсиз қоидалари 2018 йил 13 июлдаги 49-сон қарор билан тасдиқланган бўлиб, нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш ва ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида амал қилади.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
ЕОИИ давлатлари иқтисодиёти: ЕИК вазири 2025 йилнинг асосий рақамларини эълон қилди