ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Тошкент шаҳрида илк бор Ўзбекистон–Сурия бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда УзА.
Форумда саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, логистика, қурилиш, электротехника вa туризм соҳаларидан 200га яқин нафар тадбиркор иштирок этди.
Форум доирасида Ўзбекистонга Сурия Араб Республикасининг нуфузли делегацияси ташриф буюрди. Делегацияга Сурия Савдо палаталари федерацияси президенти Аъла Умар ал-Али бошчилик қилди.
Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбир доирасида икки халқ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, агросаноат, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш вa қайта ишлаш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш вa етказиб бериш, фармацевтика, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти, савдо уйлари вa доимий шоурумлар ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, мунтазам равишда экспорт кўргазмалари, ярмаркалар вa B2B учрашувларни йўлга қўйиш, суриялик ҳамкорлар учун бозорга киришнинг соддалаштирилган рақамли механизмларини яратиш ҳамда айрим товар позицияларини етказиб беришни бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.