ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Кучли ёғингарчилик туфайли айрим ҳудудларда вақтинчалик сув тўпланишлари кузатилаётгани сабаб Тошкент шаҳрининг барча тегишли хизматлари кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, кечаю кундуз фаолият олиб бормоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ёғингарчилик миқдори ўртача кўрсаткичлардан анча юқори бўлгани сабабли ёмғир канализацияси ва оқова сув тизимларига жиддий юклама тушган.
Ёмғир қабул қилувчи қудуқлар, ариқ тармоқлари ва коллекторлар чўкиндилар ҳамда маиший чиқиндилардан тезкор тозаланмоқда.
Ҳокимлик маиший чиқиндилар сув оқимини қийинлаштириши ва маҳаллий сув тўпланишларига сабаб бўлишини таъкидлади. Аҳолидан ободонлаштириш қоидаларига риоя қилиш ва чиқиндиларни сув оқава каналларига ташламаслик сўралди.
Сув тўпланиши ҳолатлари аниқланса, “Халқ назорати” портали, ҳокимликнинг расмий Telegram-боти ёки 112, 1055, (71) 212-69-80, (71) 212-69-82 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.