Ўзбекистондаги сохта “колл-марказ” россиялик кексалар пулини фирибгарлик билан ўзлаштирган

Жиноий схема орқали кекса россияликларга “компенсация” ваъда қилинган ва улардан минглаб рубль “солиқ” ундирилгани маълум бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, “колл-марказ” ниқоби остида Россиянинг асосан кекса фуқароларини алдаб келган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жами 34 нафардан иборат гуруҳга Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли шахс раҳбарлик қилган.
Улар Россияда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотиб олган 70 мингдан ортиқ мижознинг маълумотларини қўлга киритиб, SIP телефония орқали қўнғироқ қилган.
Операторлар ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки банк ходими сифатида таништириб, “сифатсиз дори учун 500–580 минг рубль компенсация берилади” деб ишонтирган.
Бироқ маблағни олиш учун аввал 5–20 минг рубль “солиқ” тўлаш талаб қилинган. Натижада жабрланувчилар турли банк карталарига жами 9 млн 599 минг 561 рубль (тахминан 1,3 млрд сўм) ўтказган.
Шунингдек, гуруҳнинг 3 аъзоси лицензиясиз тарзда 470 минг доллар (қарийб 6 млрд сўм) миқдорида крипто-актив айланмасини амалга оширган.
Суд қарорига кўра, 21 нафар шахс 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум этилди. Яна 13 нафарга 4 йил 3 ойдан 4 йил 6 ойгача озодликни чеклаш жазоси ва жарималар тайинланди. Етказилган моддий зарар ундирилади.
“Мусодара товарлар” сохта каналлари: ИИВ фирибгарлар қўлга олинганини маълум қилди