Чиқинди хизматида асоссиз қарздорлик ва электрга чекловлар: Рақобат қўмитаси сўров юборди

Таъкидланишича, қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари бўйича мурожаатлар сони ортиб бормоқда, айрим ҳудудларда асоссиз қарздорликлар аниқланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси чиқиндиларни олиб чиқиш хизматларидаги камчиликлар ҳамда асоссиз қарздорлик ҳолатлари юзасидан Чиқиндиларни бошқариш агентлигига сўров юборди.
Сўров чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқишни таъминлаш, асоссиз қарздорликларнинг олдини олиш ҳамда шу сабаб электр энергияси тўловларига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқиш юзасидан юборилди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари бўйича 1141 та мурожаат келиб тушган. 2026 йилнинг дастлабки ойларида эса бу кўрсаткич 850 тадан ошган.
Мурожаатларда асосан чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизмат сифати пастлиги, шартнома шартларига амал қилинмаслиги ва асоссиз қарздорлик ҳисобланиши оқибатида электр тўловларига чеклов қўйилгани юзасидан эътирозлар билдирилган.
Ўрганишлар айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқишнинг белгиланган даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётганини кўрсатди.
Мурожаатларнинг асосий қисми Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларига тўғри келган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, хизмат кўрсатилмаган ёки сифатсиз кўрсатилган ҳолларда истеъмолчи тегишли давр учун тўловдан озод этилади.
Чиқинди хизматидан қарздор 205 мингга яқин абонентнинг электр тўловига чеклов ўрнатилди