ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. "Ўзатом" агентлигида Ўзбекистонда ядро тиббиётини ривожлантириш истиқболларига бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тегишли идоралар, етакчи тиббиёт марказлари ва "Росатом Қурилиш Технологиялари" дивизиони экспертлари иштирок этди.
Россия томони циклотрон комплекслари, радиофармацевтика ишлаб чиқариши ва PET/КТ диагностика марказларини ташкил этиш бўйича тажрибасини тақдим этди. Шунингдек, "тайёр ҳолда топшириладиган" инфратузилма лойиҳалари мисол қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда ядро тиббиётини ривожлантириш бўйича йўл харитаси ва стратегияни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу технологиялар трансфери, мутахассислар тайёрлаш ва тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилади.
Лойиҳалар ядро технологиялари асосида онкологик касалликларни эрта ташхислаш ва замонавий даволаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Таъкидланишича, бундай ташаббуслар президент Шавкат Мирзиёев томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда: унинг раҳбарлигида Тошкентда ядро тиббиёти марказини ташкил этиш лойиҳаси бошланган. У PET/КТ, циклотрон, радиофармлаборатория, гамма-пичоқ ва кибер-пичоқ ускуналари билан жиҳозланади.
Буларнинг барчаси юқори технологияли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини ошириш ва оғир касалликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.
"Ўзатом" агентлиги ядро тиббиётини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва онкологик касалликларни замонавий ташхислаш имкониятларини кенгайтиришни қўллаб-қувватламоқда.