Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕИК: антидемпинг чоралари ЕОИИда 20 млрд долларлик бозорни ҳимоя қилмоқда

Антидемпинг механизмлари иттифоқ давлатларида тенг рақобат муҳитини таъминлаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга қаратилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари ишлаб чиқарувчиларини қиймати сунъий равишда пасайтирилган импортдан ҳимоя қилиш учун иттифоқ доирасида антидемпинг чоралари жорий этилмоқда. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати хабар берди.
Қарорлар ЕИК томонидан махсус текширувлар асосида қабул қилинади. ЕИК Ички бозорни ҳимоя қилиш департаменти директори Андрей Захаровнинг таъкидлашича, жаҳон савдосида беқарорлик кучайган шароитда айрим хорижий ишлаб чиқарувчилар агрессив нарх сиёсати орқали янги бозорларни эгаллашга уринмоқда.
Шу шароитда антидемпинг механизмлари иттифоқнинг беш мамлакатида тенг рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган. Текширув жараёнида барча иштирокчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланади, шу билан бирга суриштирув муддатлари қисқартирилган.
Антидемпинг чоралари 10 та давлатдан келаётган маҳсулотларга нисбатан қўлланилмоқда. Улар металлургия маҳсулотлари, машиналар ва эҳтиёт қисмлар, шиналар, кимёвий маҳсулотлар ва электродлар каби йўналишларни қамраб олади.
Маълум қилинишича, бу чоралар қарийб 20 миллиард долларлик бозорни ҳимоя қилади ва иттифоқ давлатларидаги 120 тадан ортиқ корхонада 50 мингга яқин иш ўрнини сақлаб қолишга хизмат қилади. Шу орқали корхоналар модернизация ва инвестицияларни давом эттириш имконига эга бўлади.
ЕОИИда электрон тижорат учун ягона ҳуқуқий муҳит яратилмоқда