Қишлоқ хўжалик илмий марказлари академияга бирлаштирилади

Президентга қишлоқ хўжалигида ерларни ўзлаштириш, илм-фанни ягона тизимга бирлаштириш ва маҳаллий кўчатчиликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдим этилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида янги ерларни ўзлаштириш ва илм-фанни янги босқичга олиб чиқишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
2030 йилгача 938 минг гектар яйловларни яхшилаш режаси белгиланди. 22 илмий марказ, 260 лаборатория ва 2,5 мингдан ортиқ олимни Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясига бирлаштириш, таълим-илм-ишлаб чиқаришни узвий боғлаш вазифаси қўйилди.
Келгусида 6,8 минг талаба агрокластер ва корхоналарда, 2,6 мингдан ортиғи эса вазирлик тизимидаги 22 илмий институтда амалиёт ўтайди. Фермерлар фарзандларини имтиёзли контракт асосида қабул қилиш, 7 йўналишда ўқишни 3 йилга тушириш, талабаларни тракторчи-машинистлик ва агродронлардан фойдаланишга ўқитиш режалаштирилган.
2026 йилда 25,5 минг гектар боғ ва 5 минг гектар узумзор барпо этилиб, 48 минг иш ўрни яратилади. Ҳозирда импорт қилинаётган 60 миллион долларлик кўчатларни маҳаллий шароитда, Европа стандартлари асосида етиштириш имконияти қайд этилди.
Агентлик 200 тадан ортиқ вирусдан холи, юқори ҳосилли оналик навлар коллекциясини яратган. Йил якунигача шу навларни кўпайтириш ва ҳудудларга етказиш учун ташкил этилган мажмуаларни ишга тушириб, йилига 27 миллион дона кўчат тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Президент мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Президент қишлоқ хўжалиги ходимлари билан учрашувда вазифалар ва янгиликлар ҳақида гапирди