Коронавирусга қарши вакцина олганлар соғлиғи хавф остидами — вазирлик изоҳи

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус вакцинаси саратон келтириб чиқаради, деган даъволарни рад этиб, бундай хабарлар илмий асосга эга эмаслигини билдирди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши вакцина олганлар саратонга чалиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабар берилишича, хусусан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков вакциналар инсон геномига салбий таъсир қилмаслиги илмий жиҳатдан исботланганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, эмлангандан сўнг айримларда кузатиладиган ҳарорат ошиши, нафас қисилиши ёки юрак уриши тезлашиши каби ҳолатлар вақтинчалик бўлиб, одатда 2–3 кунда бартараф бўлади.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда вакцина “таъсири”дан қутулиш учун карабаш ва арслонпанжаси гиёҳларини истеъмол қилиш ҳақидаги тавсиялар ҳам асоссиз. Мутахассислар бу каби маслаҳатлар илмий далилга эга эмаслигини қайд этмоқда.
Расмийлар бундай хабарларга ишонмаслик ва тиббий масалаларда фақат мутахассисларга таянишни тавсия қилди.
Нипаҳ вируси Ўзбекистонда қайд этилмаган - Санэпидқўмита