Рақобат қўмитаси: 22,1 млрд сўм уй харидорлари фойдасига қайта ҳисобланди

Қурилиш соҳасидаги мурожаатлар таҳлили уй харидорлари ҳуқуқларини чекловчи шартлар ва рухсатсиз объектлар рекламаси кенг тарқалганини кўрсатди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Рақобат қўмитаси қурилиш соҳасига оид мурожаатлар асосида фуқаролар фойдасига 22,1 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
2025 йилда кўп квартирали уйлардан хонадон хариди юзасидан 1 700 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал қилиниб, маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисобланган.
Мурожаатларнинг асосий қисми:
таъмир сифати — 42,9%;
коммуникация тармоқлари — 40,8%;
уйни ўз вақтида топширмаслик — 16,3%.
Қўмита ўрганган 130 нафарга яқин қурувчи–истеъмолчи шартномасида муҳим бандлар кўрсатилмаган: қайта ҳисоб-китоб механизми, топшириш муддати, кечиктириш учун пеня, кафолат ва нуқсонларни бартараф этиш мажбурияти.
Айрим шартномаларда бекор қилиш тартиби фақат қурувчи манфаатига мослаштирилган. Тўловни қайтариш муддатлари эса асоссиз равишда 30–180 кун ўрнига 24–36 ой этиб белгиланган ҳолатлар аниқланган.
Шунингдек, “Агент” ёки “Тижорат вакили” орқали тузилган айрим шартномаларда қурилишга масъул қурувчи имзоси мавжуд эмаслиги маълум бўлган.
Қўмита 120 та турар жой мажмуаси рекламасини ўрганиб, рухсат ҳужжатларисиз ва электрон рўйхатга киритилмаган объектлар тарғиб қилинганини аниқлади. Қурилиш компаниялари ва реклама берувчиларга молиявий жарималар қўлланилди, қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Рухсат ҳужжатларига эга бўлмаган объектларни реклама қилмаслик юзасидан ОАВ ва реклама агентликларига огоҳлантириш хатлари юборилди.
Таҳлиллар асосида тайёрланган таклифлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда соҳавий назорат инспекцияларига тақдим этилди.
Тавсия: хонадон харид қилишда шартномани синчиклаб ўрганинг. Объект ҳақидаги маълумотларни электрон рўйхат ва "Шаффоф қурилиш" тизими орқали текширинг.
Қурилишда қатъий назорат: янги талаблар ва тақиқлар эълон қилинди