Қозоғистонда олтита ГРЭС қурилиши режалаштирилган — бу Сирдарё ҳавзасига таъсир қиладими

Қозоғистонда кўмир генерациясини ривожлантириш бўйича миллий лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Унга мувофиқ, мамлакатда 2030 йилгача 6 та йирик электр станцияси қурилиши режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Қозоғистон Энергетика вазирлиги 2030 йилгача кўмир генерациясини ривожлантириш бўйича миллий режа лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат 7,6 ГВт қувватга тенг янги ва модернизация қилинган энергия блокларини ишга туширишни назарда тутади.

Вазирлик маълумотига кўра, режа доирасида олтита йирик энергия иншооти қурилиши муҳокама қилинмоқда. Улар қаторида Экибастуз ГРЭС-3 ҳамда Курчатов, Кокшетау, Семей, Ўскемен ва Жезказған шаҳарларидаги янги станциялар бор.

Шу билан бирга, мавжуд Экибастуз ГРЭС-2 ва Аксу ГРЭСни техник янгилаш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Миллий режа лойиҳаси ҳозир экспертлар ва манфаатдор томонлар билан муҳокама қилинмоқда. Таклифлар асосида ҳужжатнинг якуний кўриниши шакллантирилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, мазкур шаҳарларнинг ҳеч бири Сирдарё ҳавзасига яқин эмас. Янги иншоотлар Қозоғистоннинг шимоли ва шарқи, асосан Иртиш дарёси ҳавзаси ёки чўл-дашт ҳудудларида жойлашган:
Курчатов, Семей ва Ўскемен — Шарқий Қозоғистон, Иртиш ҳавзаси;
Кокшетау — Шимолий ҳудуд, кўллар атрофи;
Жезказған — Марказий чўл-дашт ҳудуди.
Шу боис, режалаштирилаётган ГРЭСлар Сирдарё сув тизимига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди.
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон электр узатиш тармоқлари қувватини оширади