UNAMA: Афғонистон—Покистон чегарасида 70 тинч аҳоли ҳалок бўлди

Миссия маълумотига кўра, энг кўп қурбонлар кескин тўқнашувлар бўлган кунларда қайд этилган. БМТ ҳарбий ҳаракатларда тинч аҳолини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришга чақирмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. 2025 йил октябридан декабригача Афғонистон—Покистон чегарасидаги тўқнашувларда 70 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 477 нафари яраланди. Бу ҳақда БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (UNAMA) баёнотига таяниб РИА Новости хабар берди.
"2025 йилнинг сўнгги уч ойида Покистон ва Афғонистон кучлари ўртасидаги тўқнашувларда 70 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, яна 477 нафари яраланди. Қурбонларнинг асосий қисми 10–17 октябрь кунлари, кескинлик авжига чиққан даврда қайд этилган. Улар орасида аёллар ва болалар бор", — дейилади баёнотда.
UNAMA маълумотларига кўра, 2025 йил давомида Кобул тан олмайдиган Дюранд чизиғи бўйлаб тўқнашувларда жами 613 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган ёки яраланган.
"БМТ миссияси ўз хулосаларини Афғонистон ва Покистон расмийлари билан бўлишиб, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ҳамда тинч аҳолини ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади", — дейилади ҳужжатда.
Баёнотда ҳарбий операциялар вақтида мутаносиблик тамойилига риоя қилиш, турар-жой ҳудудларида ракета ва миномётлардан фойдаланишни тўхтатишга чақириқ ҳам ўрин олган.
Тожикистон чегарасида бир ойда бешинчи отишма — Афғонистон расмийлари изоҳ берди