Халқаро онлайн тўловларни амалга ошириш енгиллашади — Сенат қонунни маъқуллади

Янги қонун шахсий маълумотларни сақлаш тартибини ўзгартириб, "PayPal" каби халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистонда тўлиқ ишлашига имконият яратади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 13-ялпи мажлисида халқаро тўлов тизимларининг мамлакат бозорига кириб келишини енгиллаштирувчи қонун маъқулланди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилганидек, кўп платформаларда тўловлар фақат "PayPal" орқали амалга оширилади. Аммо амалдаги талаб — шахсий маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудида сақлаш — "PayPal"нинг маҳаллий банк карталари билан тўлиқ ишлашига тўсқинлик қилиб келаётган эди.
Янги ўзгартишларга кўра, фақат биометрик, генетик ва телеком маълумотлар мамлакат ичида сақланади. Қолган маълумотларни хавфсизлик талабларига жавоб берадиган давлатларда сақлашга рухсат берилади. Бу давлатлар рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.
Ушбу янгиликлар халқаро онлайн тўлов тизимлари, финтех ва электрон тижорат ривожига туртки бериши, шунингдек, туристлар учун контактсиз тўлов имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Telegram Ўзбекистонда тўлов, сармоя ва крипто операциялари учун “Ҳамён”ни ишга туширди