ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ўзбекистон тарихидаги биринчи атом электр станциясини ҳукуматлараро кредитлар жалб қилмасдан, фақат давлат маблағлари ҳисобидан қурмоқда. Бу ҳақда “Геоэнергетика Инфо” журнали бош муҳаррири Борис Марцинкевич Sputnik Ўзбекистон мультимедиа матбуот маркази уланган видеокўприкда маълум қилди. Унинг таъкидлашича, давлат томонидан аллақачон аванс тўловлари амалга оширилган.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда атом кластерининг шаклланиши нафақат энергетикани ривожлантириш, балки тўлақонли атомчилар шаҳрини барпо этиш имконини ҳам беради. Эксперт ядровий тиббиётни, жумладан РИТМ-Н-200 қурилмасининг технологик имкониятларидан фойдаланган ҳолда ривожлантиришни истиқболли йўналишлардан бири сифатида қайд этди.
Миллий кадрлар базасини шакллантиришда "Москва муҳандислик-физика институти" миллий тадқиқот ядро университети ("ММФИ" МТЯУ) Тошкент филиали талабаларининг қурилаётган АЭСда амалий тайёргарлик ўташи муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Бундай ёндашув бўлажак мутахассисларга ўқиш давридаёқ станция фаолиятини чуқур ўзлаштириш имконини беради.
Бундан ташқари, “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв таклифига кўра, энергетиклар шаҳрида атом физикаси мактабини ривожлантиришга хизмат қиладиган тадқиқот реакторини қуриш режалаштирилган.
Эксперт мева ва сабзавотларга радиациявий ишлов беришни ҳам атом кластери доирасидаги алоҳида истиқболли йўналиш деб атади. Ушбу технология қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш муддатини узайтириш ва ташишдаги йўқотишларни камайтириш имконини беради, бу айниқса экспорт учун муҳим.
Хомашё базаси ҳақида тўхталар экан, Борис Марцинкевич Ўзбекистон уран қазиб олишни кўпайтириш учун катта салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакат ўз АЭСини ёқилғи билан таъминлашга эътибор қаратиши табиий, чунки зарур илмий ва технологик асос аллақачон шаклланган.