ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилиши белгиланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Маъмурий огоҳлантириш — ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисида расмий равишда огоҳлантириш ва танбеҳ бериш. У ёзма, шу жумладан, электрон шаклда расмийлаштирилади.
Ушбу тартиб Кодекснинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган айрим ҳуқуқбузарликларга нисбатан татбиқ этилади:
125-модданинг 1-қисми — хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик, мотоцикл ва мопед ҳайдовчиларининг мотошлем тақмаслиги;
125-модданинг 2-қисми — рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтмаган транспорт воситасини бошқариш, шунингдек аптечка ва ўт ўчиргичсиз ҳаракатланиш;
128¹-модда — ҳайдовчининг телефондан фойдаланиши;
128²-модда — монитор (дисплей)дан фойдаланиши;
128⁶-модда — тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши;
135¹-модда — мажбурий суғурта талабини бузиши;
138-модданинг 1 ва 2-қисмлари — пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши.
Бунда маъмурий огоҳлантириш шахс ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва унинг ҳаракатларида бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолларда маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга орган томонидан қўлланилади.
Маъмурий огоҳлантириш айни бир шахсга нисбатан бир йил давомида бир мартадан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас.