ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Арманистоннинг Европа Иттифоқига яқинлашиш истаги тушунарли, бироқ Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан алоқалар мамлакат иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деди Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук.
У бу фикрни журналистлар билан суҳбатда Арманистоннинг Европа Иттифоқига эҳтимолий қўшилиши ва бу унинг ЕОИИдаги аъзолигига қандай таъсир қилиши мумкинлиги юзасидан билдирган.
Унинг сўзларига кўра, ЕОИИ Арманистоннинг энг муҳим иқтисодий шериги бўлиб қолмоқда. Мамлакат Россия ва иттифоқнинг бошқа аъзолари, хусусан Қозоғистон билан савдо алоқаларини фаол ривожлантирмоқда.
Шунингдек, ЕОИИ ва Эрон ўртасидаги эркин савдо келишуви Арманистонга 85 миллионлик бозорга божсиз кириш имконини бераётгани қайд этилди. Оверчук бундай алоқаларнинг узилиши Арманистон иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Мазкур масала Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва Арманистон парламенти спикери Ален Симонян ўртасидаги учрашувда ҳам муҳокама қилинди.
Лавров таъкидлашича, ЕОИИга аъзолик Европа Иттифоқига қўшилиш тамойиллари билан мос келмайди.
"Бу сизларнинг танловингиз ва биз уни тўлиқ ҳурмат қиламиз", — деди у.
Ален Симонян эса Арманистон ЕОИИдан чиқишни режалаштирмаётганини, икки йўналишда ҳам иккала томон учун манфаатли ечим топиш мумкинлигини қайд этди.